Президент Раҳмон бешинчи муддатга қайта сайланди - у яна 7 йил ҳокимиятда қолади (ВИДЕО)

Эмомали Раҳмон овоз бермоқда, 11 октябрь, 2020, Душанбе.

Марказий Осиё ҳудудида давлат тепасида энг узоқ қолган авторитар раҳбарга эга Тожикистонда 11 октябрь - президентлик сайлови бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясига (МСК) кўра, дастлабки натижалар 4 млн. 900 минг сайловчининг 90,92 фоизи Эмомали Раҳмон учун овоз берганини кўрсатган.

Бу сайловдан сўнг, 1992 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Эмомали Раҳмон яна 7 йил ҳокимиятда қолади.

68 яшар Раҳмондан ташқари мамлакатда танилмаган яна 4 номзод, ҳукумат измидан чиқмаган 4 сиёсий партия томонидан илгари сурилганди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Баҳтиёр Худоёрзода президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 85,4 фоизи иштирок этганини айтди.

Мамлакат қонунчилигига биноан, сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғи қатнашган кезда сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

Эмомали Раҳмон 1992 йилдан бери Тожикистон президенти лавозимида қолмоқда. У бунга қадар тўрт марта президентликка қайта сайланган.

Бироқ бу сайловларнинг бирортаси ҳам ғарб кузатувчилари томонидан адолатли, ҳолис ва демократик деб тан олинмаган. Бу галги сайловлар ҳам, Раҳмон ҳокимиятининг қаттиқ назорати остида ўтказилди.

Бундан ташқари, сайлов пайтида қатор қонунбузарликлар, жумладан бир кишининг бир неча киши учун овоз бериши ҳоллари кузатилди.

Қуйидаги видеода овоз бериш участкаларидан бирида қайд этилган бир неча ҳолатни кўришингиз мумкин:

Эмомали Раҳмоннинг ўзи Душанбедаги 3-лицейда, эрталаб соат 10:20ларда, овоз берди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, президент ўзини кутиб турган журналистлар билан гаплашмаган, тўғри бориб, овоз бериш участкаси раҳбарини гапга тутган.

Сайлов жараёни, овоз берувчиларнинг иштироки ҳақида гапира туриб, "Бугун кун яхши бўляпти" дея, об-ҳавога ишорат қилувчи изоҳ билан чекланган.

Худди шу участкада, президентдан аввал парламент қуйи палатаси спикери ҳамда президентнинг ўғли Рустам Эмомали овоз берди.

Бунга қадар Эмомали Раҳмон 4 марта кетма-кет сайланган ва бу сайловларнинг бирортаси Ғарб давлатларидан борган кузатувчилар томонидан адолатли ҳамда шаффоф, деб тан олинмаган.

Эмомали Раҳмон, собиқ совет ўлкаларида, Беларусга раҳбарлик қилаётган Александр Лукашенкодан кейинги узоқ йиллик авторитар раҳбардир.

Бу сайлов, мамлакат COVID-19 пандемияси ортидан оғир иқтисодий муаммолар домига чўкиб бораётган, юз минглаб меҳнат муҳожири хорижга ишга кетолмай уйида қолган, натижада, мамлакатнинг асосий даромади бўлган хориждан пул ўтказмалари ҳам қарийб тўхтаб қолган бир пайтда ўтмоқда.

Тожикистон президентлигига 68 яшар Раҳмон номзодига қарши - мамлакатда қарийб танилмаган яна 4 номзод бўлди. Бу номзодлар ҳукумат измидан чиқмаган 4 сиёсий партия томонидан илгари сурди.

Бу сайлов Раҳмоннинг энг муҳим сиёсий рақиби – «Ислом уйғониш партияси» фаолияти тақиқланганидан бери ўтказилган илк сайловдир.

Тожикистон олий суди 2015 йилда партияни «террор» ташкилоти деб белгилаган. Ўшандан бери партиянинг кўплаб етакчи ва расмийси қамоққа олинди, уларнинг айримлари мамлакатни тарк этди.

Тожикистондаги ягона чиндан мухолиф партия ҳисобланувчи Социал-демократик партия бугунги сайловни бойкот қилди.

Мухолифатнинг сиқувга олингани ва мамлакат бошқаруви бутунлай Раҳмон қўлида экани инобатга олинса, Тожикистонда қўшни Қирғизистондаги каби воқеалар содир бўлмаслигини кутиш мумкин.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келди. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетди.

Август ойида Раҳмон президентликка номзодини кўрсатишидан олдин, унинг ўғли Рустам Эмомали номзоди кўрсатилиши ҳақида тахминлар мавжуд эди.

Апрель ойида 32 ёшдаги Рустам Эмомали парламентнинг юқори палатаси спикери этиб тайинланди. Бу эса Рустамга отаси ўз фаолиятини бажара олмай қолса, президент вазифасини бажариш имконини беради.

Рустам Эмомали пойтахт Душанбенинг мэри лавозимини ҳам ўтаб келади.

Эмомали Раҳмон ўрнини ўғли эгаллаши ҳақидаги тахминлар 2016 йилда пайдо бўлган. Ўшанда Тожикистон конституцияси ўзгартирилиб, президентликка номзод ёши 35 ёшдан 30 ёшга туширилди.

Шу сабабдан кўпчилик Эмомали Раҳмон ўғли Рустамнинг президент бўлишига замин яратди, деган хулосага келди.

Конституцияга киритилган ўзгаришлар Раҳмонга чексиз марта президентликка номзодини кўрсатиш имконини берди.

2015 йилнинг декабрида Тожикистон парламенти Раҳмонга «Миллат пешвоси» унвонини берди. Бу унвон унга умри якунигача ҳар қандай терговлардан сақловчи иммунитетни берди.

Жорий йилнинг мартида Тожикистонда парламент сайловлари ўтказилган. Унда, кутилганидек, Раҳмон бош бўлган Халқ демократик партияси энг кўп овоз тўплади.

Бугунги сайлов маҳаллий вақт билан соат 6:00 да бошланди.

Мамлакат бўйлаб 3 минг 375 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, сайловда 5 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган.

Сайлов кечки соат 20:00 да ўз якунига етади.