10 октябрь куни Қирғизистон парламенти, кучли эътирозларга қарамасдан, Садир Жапаровни Бош вазир этиб тайинлади.
Одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, узоқ йилга қамалган Жапаров 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан бошланган тартибсизликлар давомида қамоқдан олиб чиқилган эди.
9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков пойтахт Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилиш ҳақидаги фармонни имзолаши ортидан пойтахтга ҳарбий техника киритилди.
Фавқулодда вазият жорий қилинишига қарамасдан, 9 октябрь куни тартибсизликлар давом этди.
Жапаров тарафдорлари собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳамда бош вазирликка рақиб номзод Омурбек Бабанов тарафдорларига қарата тош ва шиша идишларни улоқтирди.
10 октябрь куни Атамбаев Бишкекда оммавий тартибсизликлар ташкил этиш жиноят иши доирасида қўлга олинди. Атамбаев қайта ҳибсга олганидан кейин бир неча соат ўтиб, 120 нафар парламент аъзосининг ярмидан ками Жээнбековнинг Бишкек ташқарисидаги резиденциясида тўпланди.
Фақат 51 нафар депутат келган бўлишига қарамасдан, парламент спикери ўринбосари бошқа депутатлар ишонч қоғозларини бериб юборгани ва квота тўпланганини айтди.
Парламентнинг Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш қарори қонуний экани ёки рақиб партиялар буни тан олиш-олмаслиги ҳозирча номаълум.
Жапаров аввалига президент Жээнбеков "мамлакат қонуний йўлга ўтиши билан" ўз лавозимидан кетиш ваъдасидан чиқишига умид қилишини айтди, аммо кейинроқ, президентга муддатининг охиригача ишлаш имконини бериш керак, деб ҳисоблашини айтди.