Тожикистон президентлигига сайловда яна Эмомали Раҳмон ғалаба қилгани билдирилди

Эмомали Раҳмон 11 октябрда ўтган сайловда унча танилмаган тўрт номзод билан рақобатлашди.

Тожикистонда 11 октябрда ўтган президентлик сайловида Эмомали Раҳмон ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссиясининг 12 октябрда билдиришича, дастлабки натижаларга қараганда, Эмомали Раҳмон учун сайловда қатнашганларнинг 90,92 фоизи овоз берган. Бу эса Раҳмоннинг президентлик курсисида яна 7 йил қолишини англатади.

Марказий сайлов комиссияси раиси Баҳтиёр Худоёрзода президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 85,4 фоизи иштирок этганини айтди.

Эмомали Раҳмон 1992 йилдан бери Тожикистон президенти лавозимида қолмоқда. У бунга қадар тўрт марта президентликка қайта сайланган. Бироқ бу сайловларнинг бирортаси ҳам ғарб кузатувчилари томонидан адолатли, ҳолис ва демократик деб тан олинмаган.

Мазкур сайловда 68 ёшли Эмомали Раҳмон билан парламентдаги ҳукуматпараст партиялар вакиллари бўлган унча танилмаган тўрт номзод рақобатлашди.