Меҳнат вазирлиги 650 дан зиёд одам пахта теримига мажбуран жалб этилганини аниқлади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинг жараёнида мажбурий меҳнатга жалб қилинган 650 дан зиёд фуқаро аниқланган.

Вазирлик матбуот маркази қайдича, 2020 йилнинг 10 октябрь ҳолатига республиканинг 138 ҳудудида 726 та мониторинг ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган 60 дан ортиқ маълумот юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича 18 та мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 205 миллион 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳамда Тошкент вилояти Бўка тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиқлари 30 дан ортиқ ходимини пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб қилингани учун маъмурий жаримага тортилди.

“Сурхондарё вилояти Саросиё тумани Халқ таълими бўлими мудири ва Жарқўрғон тумани “Халқ банки” раҳбарлари ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўйиб берганлиги учун қонуний жавобгарлик ва жазодан четда қолмади”, дейилади Меҳнат вазирлиги хабарномасида.

Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий суммада берилаётганлиги ўрганилганда эса 72 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги учун маъмурий жарималар қўлланилган.

Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 165 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бундан 88 таси call марказ орқали, 9 таси вебсайт орқали, 68 таси ижтимоий тармоқ орқали етиб келган.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилояти (24 та), Наманган вилояти (23 та), , Тошкент вилояти (20 та), Жиззах вилояти (17 та) ва бошқа ҳудудларга тўғри келади.