Жорий йилнинг саккиз ойида Ўзбекистон экспортининг 50 фоизини олтин ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг навбатдаги ҳисоботида маълум қилинди.
Таъкидланишича, январь-август ойлари якуни бўйича Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 24,537 миллиард долларни ташкил қилган. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,554 ммиллиард долларга ёки 12,7 фоизга оздир.
Саккиз ойда экспорт ҳажми 11,6 млрд долларни, импорт ҳажми эса 12,9 млрд долларни ташкил қилди. Экспорт таркибида олтин улуши 50 фоизни ташкил этди.
Сентябрь ойининг охирларида Статистика қўмитаси Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойлари оралиғида 5 миллиард 800 миллион долларлик олтин экспорт қилгани ҳақида билдирган эди.
Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 147,2 фоизга ёки 1 миллиард 800 миллион долларга кўпдир.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон 160 дан ортиқ давлат билан савдо алоқаларини ўрнатган. Улар орасида ташқи савдо айланмасининг йирик улуши Хитой (16,4%), Россия (14,6%), Қозоғистон (7,2%), Корея Республикаси (5,9%), Туркия (5,0%), Қирғизистон (2,3%) ва Германия (2,0%) ҳиссасига тўғри келади.