Johnson & Johnson коронавирусга қарши вакцина синовини вақтинча тўхтатди

Ширкат вакцинани ўзида синаб кўрган кўнгиллилардан бирида аниқланган номаълум касаллик аломатлари билан ўртоқлашмади.

Johnson & Johnson ширкати COVID-19га қарши вакцина синовида иштирок этаётганлардан бирида ҳозирча номаълум бўлган касаллик аниқлангани ортидан вакцина синовини вақтинча тўхтатди.


Америка фармацевтика саноати гиганти бўлган мазкур ширкат вакцинаси айни пайтда COVID-19га қарши жаҳонда ишлаб чиқарилаётган вакциналар орасида энг муносиби деб қаралаётган эди.


«Биз синов иштирокчиларидан бири номаълум касалликка чалингани ортидан COVID-19 вацинасини барча кўнгиллиларда синаб кўриш, жумладан, синовнинг учинчи босқичини ҳам вақтинча тўхтатамиз»,-дейилади ширкат баёнотида.


Johnson & Johnson ширкатининг фикрича, минглаб кўнгиллилар иштирок этаётган бу каби синовларда вақтинча танаффус эълон қилиш одатий ҳолатдир.


Ширкат вакцинани ўзида синаб кўрган кўнгиллилардан бирида аниқланган номаълум касаллик аломатлари билан ўртоқлашмади.


Аввалроқ Британиянинг AstraZeneca ширкати ҳам кўнгиллилардан бирида номаълум касаллик аниқлангани оқибатида коронавирус вакцинаси синовини вақтинча тўхтатган эди.


Айни пайтда Британия, Бразилия, Жанубий Африка ва Ҳиндистонда вакцина синовлари давом этмоқда.