Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйлар ўрнида қурилган кўп қаватли уйларни кўриш мақсадида 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига борган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда Оқолтин тумани “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилган. Ш. Мирзиёев дастлаб Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласига ташриф буюрган.
“Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга қаралса, Ш. Мирзиёевнинг ҳам Сирдарё вилоятида амалга оширилган қурилиш ишларидан кўнгли тўлгандек кўринади.
Аввалроқ бир гуруҳ сардобаликлар тошқин оқибатида вайрон бўлган уйлари учун ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам пулини ололмаётгани, уларга уй бериш хусусида оғзаки ваъдаларгина берилаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилган эдилар.
Шу йил 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.