Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 12 октябрь куни Тошкентда ўтказилган йиғилишда ҳукумат раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилиб, қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини “популистик” деб атаган.
“Газета.uz” манбаси маълумотига кўра, йиғилишда бош вазир ишни кўриб чиқишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси хорижий консалтинг компанияси хулосасини олмаганини қайд этган.
Жорий йил 2 октябридан эътиборан Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.
UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлаётган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитасига қарши судга ариза берган UzAuto Motors вакиллари сўнгги маҳкама мажлисида автомобиллар таннархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганини билдирганлар. Кейинги суд мажлиси 16 октябрга белгиланган.
Бу орада Интернетнинг ўзбек сегментида Монополияга қарши курашиш қўмитасини “популизм”да айблаган бош вазирга эътирозлар кучаймоқда.
Хусусан, блогер Отабек Бакиров ўз Телеграм-каналида: “Агар Монополияга қарши кураш қўмитаси ўғри ва муттаҳам монополистларга қарши шунча қилаётган ишлари ортидан популист деб номланса, мен ҳам популистман”, деб ёзди.
Ўзбекистонлик таниқли эксперт Азиза Умарова эса: “Кимдир томонидан ихтиро қилинган монополияларни боқишдан чарчаган бу мамлакатнинг кўплаб ақлли фуқаролари “популистлар” каби кўринади”, дея хулоса қилди.