Қирғизистон парламентига янги спикер сайланди

Қанат Исаев.

“Қирғизистон” фракцияси лидери Қанат Исаев мамлакат парламентига раис этиб сайланди. Бунга оид қарор парламентнинг 13 октябрь куни “Ала-Арча” давлат қароргоҳида бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган.

Мажлис аввалида 62 нафар депутат иштирок этаётгани эълон қилинган. Яна 12 нафар депутат ўз ишончномаларини бериб юборганлар. Бироқ овоз бериш натижаларига кўра 80 та бюллетень ишлатилгани қайд этилган. Исаевнинг спикер этиб сайланишини ёқлаб 78 нафар депутат овоз берган, 2 нафари қарши чиққан. Айрим депутатлар овоз бериш жараёнига мажлис иштирокчилари сони эълон қилинганидан кейин келиб қўшилгани тахмин қилинмоқда.

Овоз бериш олдидан фракция вакиллари Қанат Исаев номзодини дастаклашларини билдирганлар. У бўлажак парламент сайловида иштирок этиш нияти борлигини, бироқ ҳали якуний қарорга келмаганини билдирган.

Журналистларнинг саволига жавоб бераркан, Қанат Исаев мамлакатда барқарорлик ўрнатилишида парламентининг роли катта эканини қайд этган ва президент Сўўрўнбай Жээнбеков истеъфога кетмаслиги кераклигини билдирган.

“Президент ўз ўрнида қолиши лозим, вазият мураккаб. Кўпчилик спикер президент вазифасини бажариши мумкинлигини айтяпти, бироқ у президентнинг ўрнини тўлалигича босолмайди. Шунинг учун ҳам президентдан ўз ўрнида қолиб туришни сўраш керак. У мамлакат қонунийлик йўлига ўтганидан кейин истеъфога кетишга тайёр эканини айтган, бироқ қонунийлик йўли бош вазирни сайлашдангина иборат эмас. Барқарорликни ўрнатиш зарур”, деган Қ. Исаев.

Парламентнинг бир гуруҳ депутати томонидан янги спикер деб эълон қилинган Миқтибек Абдилдаев 10 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисда ўз ваколатларини топширган.

10 октябрь куни парламент депутатларининг бир қисми “Ала-Арча” давлат қароргоҳида навбатдан ташқари мажлисга йиғилиб, у ерда Садир Жапаров бошчилигидаги ҳукумат таркибини маъқуллаган. Бироқ 11 октябрь куниёқ қатор депутатлар, жамоат ва сиёсат арбоблари ҳамда ҳуқуқшунослар мазкур мажлисда кворум бўлмагани, шу важдан у ерда олинган қарорлар легитим эмаслиги ва парламент мажлисини қайтадан ўтказиш зарурлигини билдиришган.

Садир Жапаровнинг шанба кунги парламент мажлисидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида расман бош вазир лавозимини эгаллагани ва ишга киришаётганини билдирган.

Бироқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳукумат дастурини тасдиқлаш, ҳукумат тузилиши ва таркибини белгилашга оид қарорни парламентга қайтарган. Унинг фикрича, 10 октябрь куни бўлиб ўтган парламент мажлисида кворум бўлмаган.