Йил бошидан буён солиқ тўловчиларга жами 4 триллион 544 миллиард сўм миқдоридаги маблағ қайтарилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 1 январь – 9 октябрь ҳолатига ДСҚ органларига умумий қиймати 7,7 триллион сўмдан ошадиган 6 295 та ариза келиб тушган. Шундан 2 773 та ҳужжат қаноатлантирилиб, Молия вазирлигига юборилган ҳамда солиқ тўловчиларга 4,5 триллион сўмдан кўпроқ пул қайтарилган.
Хабарномада қўшилган қиймат солиғининг ортиқча миқдорини қоплаш тизими соддалаштирилгани ҳам қўшимча қилинган.
“Йил бошидан ҚҚС суммасини қоплаш (қайтариш) фақат алоҳида тоифага кирувчи солиқ тўловчиларга қўлланилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (14.08.2020 й.) қарорига мувофиқ шартлар ва тартиб соддалаштирилди ва ҚҚС тўловчиси бўлган барча хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланилмоқда”, дейилади ДСҚ хабарномасида.