Афғонистондаги ўзбек маршали Абдул Рашид Дўстум мамлакат шимолидаги Жузжон вилояти Шибирғон шаҳрида ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг қизи Мукаррамахон Афғонистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятида террорчи гуруҳларга раҳбарлик қилаётганини иддао қилди.
Бу ҳақда Озодликнинг Афғонистондаги мухбири Олим Кўҳкан хабар берди.
Ўз сўзида Дўстум, жумладан: “Тоҳир Йўлдошнинг Мукаррамахон исмли қизи Бадахшонда жангарилар жабҳасини бошқармоқда. Уларни ҳимоя қиладиган “эга”лари бор”, деб айтган.
Мазкур иддаоларни Абдул Рашид Дўстум Туркия, Ҳиндистон ва Ўзбекистонга қилган норасмий сафарларидан Афғонистон шимолига қайтиб келган куни илгари сурган.
Дўстумнинг иддао қилишича, марказий осиёлик жангарилар "минтақа давлатларига таъсир ўтказиш мақсадида" Афғонистонга жойлашиб олган.
“Марказий осиёлик жангарилар бизни йўқ қилиш ва Марказий Осиё давлатларига таъсир ўтказиш мақсадида Афғонистон шимолида жойлашиб олганлар, буни ҳамма билади”, деб айтган маршал Дўстум.
Бироқ у мазкур жангариларни ким ҳимоя қилаётганига аниқлик киритмаган.
Расмий Кобул Абдул Рашид Дўстумнинг иддаолари юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.
Маршал Дўстум тилга олган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" лидери Тоҳир Йўлдош, ЎИҲ вакилларининг 10 муқаддам тарқатган баёнотига кўра, 2009 йил 27 август куни АҚШнинг дрон ҳужуми натижасида ҳалок бўлган.