Қозоғистонда трансгендер маҳбусга тегажоғлик қилган полиция зобити қамалди

Виктория Берикхўжаева ҳибсга олинишидан аввал

Қозоғистонда полиция зобити трансгендер маҳбус Виктория Берикхўжаевага жинсий тегажоғлик қилгани учун махсус унвонидан маҳрум қилинди ва қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Аммо 30 ёшдаги Берикхўжаева эндиликда унга ҳужум қилган полиция ходими тарафдорлари ва собиқ ҳамкасблари ўч олишидан хавотирланмоқда.

Берикхўжаева иши қозоқ матбуотида шов-шувга сабаб бўлди.

Товламачиликда айбланиб, 7 йилга қамалган Берикхўжаева 2017 йилда ҳибсга олинганидан буён тинимсиз таҳқирлашларга дучор бўлаётганини айтиб келади.

«Озод юрганимда бунчалик даражадаги таҳқирлашларни кўрмагандим»,- деди у қамоқдаги аёллар қисмати ҳақида.

Хавфсизлик хизмати ходими


Берикхўжаевага ҳужум қилган Миллий хавфсизлик қўмитаси майори исми очиқлангани йўқ.

Майор экстремизмда айбланиб, қамалган маҳбуслар билан учрашиш ҳуқуқига эга бўлган. Ўз лавозими туфайли у Берикхўжаева қамоқ жазосини ўтаётган Жаугашти турмасига ҳеч бир тўсиқсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга бўлган.

2019 йилнинг ёзида Берикхўжаева полиция зобитини унга бир неча марта тегажоғлик қилишда айблаб, расмий шикоят ёзган. Берикхўжаеванинг адвокати Айман Умарова мижози содир этилган жиноятлар ҳақида «муҳим далилларни» тақдим этганини айтди.

2019 йилнинг октябрида зобит қўлга олинди ва тергов бошланди. Жорий ой бошида Иле тумани суди зобитни айбдор деб топди.

Ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келаётган зобит суд ҳукми устидан шикоят аризаси бериши кутилмоқда.

Берикхўжаева ва унинг адвокати қамалган зобит унга чиқарилган жазони ўтамаслик учун ҳуқуқ-тартибот органларидаги танишларини ишга солишини кутиш мумкинлиги, шу сабабдан уларни олдинда «катта кураш» кутаётганини айтишди.

Умарова мижозига ўз шикоятини қайтиб олишга чорлаб, кескин босим ўтказилганини даъво қилади.

Таҳқирлашлар


Бошқа Марказий Осиё давлатларидаги каби Қозоғистонда жинсий озчиликлар таъқиб ва таъмагирлик нишонига айланган.

Берикхўжаева қамалганидан кейин дарҳол уни таҳқирлай бошлашгани ва жинсий тажовузкорлик нишонига айланганини айтган.

«Қамоқхона ходимлари мендан ечинишни, жинсий аъзоларимни, кўкракларимни кўрсатишни сўрадилар. [Орал секс] қилишимни, танамга тегинишларига изн беришимни талаб қилишди»,-деди Берикхўжаева маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

Берикхўжаева аввалги шикоятларига ҳеч ким эътибор бермагани, «уларни тасдиқлаш учун жисмоний далилларга» эга бўлмаганини айтади.

Берикхўжаева уч йил олдин қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан кейин расмийлар уни эркаклар ёки аёллар қамоқхонасига юбориш ҳақида иккилана бошлагани учун матбуот эътиборини тортган эди.

У қамалишидан олдин жинсини ўзгартириш бўйича бир неча операциядан ўтган. Ўша пайтда ўзини аёл ҳисоблаган бўлса-да, Қозоғистон қонунчилигига биноан, эркак, дея кўрилган.

Аммо пировардида у аёллар турмасига юборилган.

Кейинчалик Берикхўжаева жинси аёл экани кўрсатилган паспортни олган ва исмини расман "Каримжон"дан "Виктория"га ўзгартирган.

Берикхўжаева пластик операция харажатларини қоплаш учун танишидан ўн минглаб доллар пулни ундиришга уринишда айбдор, деб топилган.