Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Садир Жапаров номига Қирғизистон бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик хати йўллади. Бу ҳақда бош вазирнинг матбуот хизмати маълум қилди.
“Табрик мактубида Қирғиз Республикаси Бош вазири Садир Жапаровга ўзаро манфаатли ҳамкорликни барча йўналишларда кенгайтиришига, шунингдек, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати учун стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашига умид билдирилган”, дейилади хабарномада.
Қирғизистонда 5 октябрь куни бошланган норозилик чиқишлари ортидан намойишчилар президент ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган ҳамда Садир Жапаров дохил бир неча сиёсатчини қамоқдан озод этишган. Шундан сўнг С. Жапаров тарафдорлари унинг бош вазир этиб тайинланишини талаб қила бошлаганлар.
9 октябрь куни Қирғизистон президенти С. Жээнбеков бош вазир Қубатбек Бўрўнов бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини қабул қилган.
Жапаров номзоди бош вазирликка расман 14 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан маъқулланган, президент томонидан тасдиқланган.
Аввалроқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков парламент сайлови ўтганидан кейин истеъфога кетишга тайёр эканини билдирганди. Бироқ Жапаровнинг тарафдорлари ундан зудлик билан истеъфога кетишни талаб қила бошлаганлар. Бунинг ортидан президент Жээнбеков 15 октябрь куни истеъфога кетганини эълон қилган.
Садир Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланишига, Сўўрўнбай Жээнбековнинг президентлик лавозимини топширишига эришган Бишкекдаги митингчилар эндиликда парламент спикери Қанат Исаев истеъфосини талаб қилмоқдалар.