Ўзбекистонда қўлга олинган Тилек Матраимов уй қамоғига чиқарилди

Тилек Матраимов.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув тумани собиқ ҳокими Тилек Матраимов уй қамоғига чиқарилди. Ўтган ҳафтадан бери тергов ҳисбхонасида тутиб турилган Т. Матраимовга нисбатан эҳтиёт чораси 13 октябрь куни Ўш вилоят суди қарори билан ўзгартирилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати вилоят суди матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Шу йил 6 октябрида чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган Тилек Матраимов, унинг ўғли, жияни ва қўриқчиси Ўзбекистон ҳудудида қўлга олингани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

9 октябрь куни Ўзбекистон томони Т. Матраимов ва унинг ҳамроҳлари З. Қўчқўрбаев, М. Аҳмедовни Қирғизистонга топширган. Ўзбекистонда қўлга олинган тўрт кишидан нима учун уч нафаригина қўшни давлатга топширилганига аниқлик киритилган эмас.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 9 октябрь куни мазкур уч шахсга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодекснинг 358-моддаси (Давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганлик) асосида судгача тергов ҳаракатларини бошланган. Ўш шаҳар суди эса қўлга олинганларни 9 ноябргача МХДҚ тергов ҳибсхонаси ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Т. Матраимов сўнгги 8 йилдан бери Қорасув туман маъмуриятини бошқариб келаётган эди. Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайлови олдидан у соғлиғи ёмонлашганини айтиб, таътилга чиққан.

Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари, коррупцияга аралашгани айтиладиган Раимбек Матраимов ва парламент депутати Искендер Матраимовнинг укасидир.