Песков: Россия Қирғизистонга молиявий ёрдамни вазият барқарорлашгунига қадар тўхтатади

Дмитрий Песков.

Россия Қирғизистонда вазият барқарорлашгунича, бу мамлакатга бериладиган молиявий ёрдамни тўхтатиб туради. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

РБК нашри хабарига кўра, Кремль мулозими молиявий ёрдамнинг тўхталишини шу кунда Қирғизистонда ҳукумат деган нарсанинг ўзи йўқлиги ва у ерда инқироз ҳукм сураётгани билан изоҳлаган.

Шунинг учун, албатта, барча муассасалар, барча ташкилотлар ишлаб кетгунига қадар муайян муддатга танаффус қилиб турган маъқул”, деди Песков “Россия Қирғизистонга ҳақиқатан ҳам молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйдими?” деган саволга жавоб бера туриб.

Москва Бишкекка молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйгани ҳақида РБК нашрига Россия Молия вазирлигидаги манба маълум қилган ва бу маълумотни бошқа бир юқори лавозимли мулозим тасдиқлаган.

Россия сўнгги бор Қирғизистонга 2019 йили молиявий ёрдам кўрсатган. Ўшанда мамлакат бюджетини дастаклаш учун беминнат кўмак ўлароқ 30 миллион АҚШ доллари берилган.

Президент Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков қайдича, 2018 йили Россия Қирғизистоннинг 240 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат қарзидан тўлалигича кечиб юборган.

15 октябрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Россия президентининг матбуот котиби Д. Песков Қирғизистон президенти С. Жээнбеков истеъфоси ҳақида ҳам изоҳ берган.

Мулозим истеъфога кетган Жээнбековнинг хатти-ҳаракатига ҳиссий омилларга таянган ҳолда баҳо бериб бўлмаслигини урғулаган ва Москва Қирғизистондаги вазият тезроқ изга тушиб кетишига умид қилаётганини қайд этган.

Кремль Қирғизистонда ким билан мулоқот олиб боради?” деган саволга Песков ҳозирча бу саволга аниқ-тиниқ жавоб беролмаслигини билдирган.

15 октябрь куни Қирғизистон президенти С. Жээнбеков истеъфога кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.