Қирғизистон бош вазири Садир Жапаров 15 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган митингда президент истеъфо бериб, ўз ваколатларини топширгани, парламент раиси эса давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортгани ҳақида ариза ёзиб берганини очиқлади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
“Ҳаммаси ўз ўрнига келди. Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков аризасини ёзиб бериб кетди. Спикер Қанат Исаев эса: “Унинг вазифасини бажара олмас эканман” деб, ўз аризасини ёзиб берди. Бугун президент вазифасини бажарувчи ва бош вазир деган лавозимлар менга ўтди”, деди С. Жапаров Бишкекдаги ҳукумат биноси олдига йиғилган тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан.
Бу борада спикер Қ. Исаевдан изоҳ олиш имкони бўлмаган.
Қирғизистонда 4 октябрда ўтказилган парламент сайловидан кейин сиёсий инқироз вужудга келди.
15 октябрь куни президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанини эълон қилди.
13 октябрь куни Қанат Исаев Қирғизистон парламентининг янги спикери этиб сайланган. Мамлакат қонунларига кўра, президент истеъфога кетган пайтда унинг вазифасини парламент спикери бажариши лозим. Аммо пайшанба куни 24.kg сайти саволларига жавоб берган Қ. Исаев асосий эътиборини парламент фаолиятига қаратишга қарор қилганини айтган.
14 октябрь куни Садир Жапаров номзоди парламент томонидан бош вазирликка маъқулланган, президент томонидан тасдиқланган. Собиқ депутат С. Жапаров шу йил 6 октябрга ўтар кечаси бир гуруҳ намойишчилар томонидан қамоқдан озод этилганди.