Озарбайжон президенти: Биз Қорабоғда 40та аҳоли пунктини эгалладик

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон ҳарбийлари 27 сентябрдан бери Тоғли Қорабоғда 40та аҳоли пунктини эгаллади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Туркиянинг NTV телеканалига берган интервьюсида билдирди.


Илҳом Алиев суҳбат давомида Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни сиёсий жиҳатдан бартараф этишда Туркиянинг аҳамияти муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.


Илҳом Алиевга кўра, Баку ва Анкара ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ҳеч қачон Озарбайжон ҳудудида Туркия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилмаган.


France 24 телеканалига берган интервьюсида Озарбайжон президенти Туркия Тоғли Қорабоғдаги конфликтда иштирок этмаётганини айтди.


Айни пайтда Тоғли Қорабоғ расмий вакили пойтахт Степанакерт Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан бомбардимон қилинганини билдирди. Расмий Бакунинг Арманистон Озарбайжон объектларига ракета отгани ҳақидаги баёнотларини рад этди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда.


Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрдан бошланган эди.