17 октябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган видеоселектор бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар қилишича, вазир ўринбосари Узоқбой Бегимқулов олий таълим муассасаларида (ОТМ) масофавий таълим мониторинги натижалари тўғрисида, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида маълумот берган.
Муҳокамаларда анъанавий таълимга қайтиш имкониятлари кўриб чиқилган ва ректорларга вазифалар топширилган.
Маълум қилинишича, аввало анъанавий дарсга қайтиш бўйича талаба ва ота-оналари ўртасида сўров ўтказилади. Шунингдек, ОТМ имконияти ва санитария-эпидемиология талабларини бажара олиш қурби кўриб чиқилади.
Бу борада якуний қарор, эса санитария-эпидемиология органи хулосаси асосида қабул қилинади.
Айни пайтда, мамлакатда мавжуд жами 125 та ОТМ талабалари масофавий таълим олмоқда.