Лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди

"Korean & Migrations" фирмасидан алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Ўзбекистонда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50тасининг лицензияси бекор қилинди.


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг билдиришича, 13-14 октябрь кунлари “Adiba travel and work” ва “Good Work” хусусий бандлик агентликларига берилган лицензия ҳам бекор қилинган. Бу билан 18 октябрь ҳолатига кўра, сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди.


Вазирликнинг маълум қилишича, бугунги кунда хусусий бандлик агентликлари реестрига киритилган 103та агентликдан фақат 25таси лицензияга эга.


Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди. Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.


Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 6 октябрь куни Озодлик мухбири билан гаплашган мулозимига кўра, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта ташкил этиш режаланмоқда.


Бир ой ичида эълон қилиниши кутилаётган янги қонунга мувофиқ, эндиликда бандлик агентликлари фақат консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.


Хорижга ишга жўнатиш билан эса, бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши режаланган.