Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда 18 октябрь куни олиб борилган жанглар давомида Эрон чегарасидаги Аракс дарёси устидан ўтувчи Худаферин кўприги назоратини қўлга киритди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг бу баёнотини Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.
Арманистон Мудофаа вазирлиги бир кун аввал эришилган отшкесим битимига қарамай, Озарбайжон қўшинлари фронтнинг жанубий участкасида ҳужумга ўтганини таъкидлади.
Мазкур кўприк 1993 йилдан бери Арманистон назорати остида эди. Бу кўприк бевосита Тоғли Қорабоғда эмас, балки Озарбайжоннинг Жебраил туманида жойлашган.
Аввалроқ Боку 1990 йиллар бошидан бери Арманистон босиб олган Жебраил ва Фузули туманларини озод қилгани ҳақида билдирганди.
XII асрда қурилган Худаферин кўпригининг қўлга киритилиши, Озарбайжон армияси 27 сентябрда бошланган жанглар давомида шу кунгача 25-30 километр олға силжиганини билдиради.
Аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари 18 октябрь соат 00дан бошлаб Тоғли Қорабоғда оташкесим битими кучга киришини билдирган. Бироқ якшанба куни эрталаб томонлар бир-бирини битимни бузганликда айблади.
Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 18 октябрда конфликтни бартараф этишда воситачилик қилаётган Франция, АҚШ ва Россияни Арманистонга қурол етказиб бераётганликда айблади.
Туркия мазкур конфликт юзасидан музокараларда воситачи давлатлар қаторидан ўрин олмоқчи. Бироқ Арманистон Туркияни Озарбайжонга ҳарбий кўмак кўрсатаётганликда айблаб, унинг воситачи давлатлар қаторига киритилишига қаршилик қилмоқда.