Жорий йилнинг ўтган 9 ойида Ўзбекистонда экспорт ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 миллиард долларга қисқариб, 11,8 миллиард долларга тенг бўлди (ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич 12,9 миллиард долларга тенг бўлган). Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки “2020 йилнинг 9 ойи якуни бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари” шарҳида баён қилган.
МБ бу йилги экспорт ҳажми қисқаришини жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархининг тушиши, шунингдек коронавирус пандемияси ортидан жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашишига боғлаган.
Айни пайтда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилнинг шу даврига (19,5 миллиард доллар) нисбатан 3,4 миллиард долларга қисқариб, 16,1 миллиард долларни ташкил этган.
МБ маълумотларига кўра, савдо балансининг манфий сальдоси 2019 йил 9 ойига нисбатан 35 фоизга яхшиланиб, 4,3 миллиард долларни ташкил этган.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг 9 ойи учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан 63 %га камайиб, 663 млн. долларни ташкил қилди.
Ушбу ҳолат импорт ҳажмининг экспорт ҳажмига нисбатан юқори суръатларда қисқариши, халқаро пул ўтказмаларининг деярли ўтган йил даражасида сақланиб қолиши ва олтин нархининг жахон бозорида ўсиши каби омиллар билан изоҳланади”, дейилади Марказий банк шарҳида.