Қирғизистон Олий суди президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаровни 2012 йилдаги ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишга оид иш бўйича оқлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати Россиянинг ТАСС агентлигига маълум қилган.
Коллегия бу қарорни “жиноят унсури бўлмагани учун” қабул қилган. С. Жапаров билан бирга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳамда депутат Талант Мамитов ҳам оқланган.
Жапаров, Ташиев ва Мамитовга қарши жиноят иши 2012 йилда қўзғатилганди. Ўшанда улар томонидан Бишкекда уюштирилган митинг иштирокчилари ҳукумат биносига киришга уринган, бироқ қўриқчилар ҳужум уринишини қайтариб қолган.
2013 йил 17 июнида Бишкек шаҳар суди митинг ташкилотчиларининг уччаласи ҳақида ҳам оқлов ҳукми чиқарган. Улар суд залидан озод қилинганлар. Аммо ўша йил августида Олий суд шаҳар суди қарорини бекор қилиб, уларга бир йилу бир ойлик қамоқ жазосини тайинлаган. Жазо муддати тугагани учун учовлон суд залидан озод қилинган, бироқ улар депутатлик мандатидан маҳрум этилганлар.
Ҳозирда суд Жапаровга қарши гаровга олиш бўйича яна бир ишни кўриб чиқмоқда. Тергов тахминига кўра, 2013 йили Қоракўл шаҳрида бўлиб ўтган митингда Жапаров ўз тарафдорлари билан бирга ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакилини гаровга олган. Бу иш бўйича сиёсатчи 2017 йили 11,5 йилга қамалган эди. Қирғизистонда октябрь ойи бошида юз берган норозилик акцияларидан кейин у намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинган. Кўп ўтмай у бош вазир этиб тайинланган, президент Сооронбай Жээнбеков истеъфосидан кейин эса унинг вазифасини вақтинча бажара бошлаган.