«Борат» комедияси яна қозоғистонликлар нафсониятига тегди

"Қозоғистонлик журналист Борат Сагдиев" ролини ижро этган британиялик актёр Саша Барон Коэн

«Борат» комедиясининг давомига Қозоғистондаги ва хориждаги қозоғистонликлар турлича муносабат билдирмоқда. Айримлар фильм намойишини тақиқлашни талаб қилаётган бўлса, бошқалар уларни ҳиссиётларга ортиқча берилиб кетганликда айбламоқда.

Фильм чиндан ҳам Қозоғистон ва қозоғистонликларни камситадими? Бу савол жавобини Озодликнинг қозоқ хизмати излади.

Октябрнинг бошларида фильмнинг трейлери «Борат қайтди» сўзлари билан эълон қилинди. Фильм премьераси 23 октябрда Amazon Prime онлайн платформасида бўлиб ўтади.

«Борат – Навбатдаги фильм: Бир вақтлар улуғвор бўлган Қозоғистон халқи фойдаси учун Америка тузумига улкан пора» деб номланган фильмнинг биринчи серияси 2006 йилда эълон қилинган эди.

14 йил муқаддам экранларга чиқарилган биринчи фильмда "қозоғистонлик журналист Борат Сагдиев"нинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Мавзуга алоқадор Британияга сафар қилаётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоғистонлик журналист Борат, деб таништирувчи қизиқчи Саша Барон Коэннинг фильмидан кулгиси қисташини айтди.

Янги фильмда бош қаҳрамон коронавирус пандемияси давомида Қўшма Штатларга қайтиб, вирусни «ўлдиришга» ҳаракат қилади ва АҚШдаги президент сайловини кузатмоқчи бўлади. (АҚШ президенти сайлови 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтади).

Айрим қозоғистонликлар «Борат» пародия фильмининг давоми чиққанини хотиржамлик билан қабул қилишди. Уларнинг фикрига кўра, мамлакатда бошқа долзарб муаммолар етарли - бу фильм бош қотиришга арзимайди.

Борат ролини ижро этган британиялик қизиқчи Саша Барон Коэн сиёсий жиҳатдан баҳсталаб қилиқлари билан танилган.

У «Борат» фильмининг иккинчи қисмини яширинча суратга олган. Фильмда АҚШнинг ҳақиқий вице-президенти Майк Пенс ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулиани тасвирга олинган. Улар фильмни суратга олиш пайтида хонада қизиқчи борлигини билишмаган ва натижада полицияни чақиришган.

Олмаота турғуни Айжанга «Борат»нинг биринчи қисми ёққан ва у янги фильм премьерасини интиқиб кутмоқда.

Айжан танишлари орасида фильмдан ғазабланганлар ва фильм намойишини бекор қилиш тўғрисидаги ариза учун фаол тарзда имзо тўплаётганлар борлигидан ҳайратга тушганини айтди.

«Мен биринчи “Борат”ни кўрганимда 11-синфда ўқир эдим ва ҳайрон қолган эдим. “О, Худо, ҳақиқатан ҳам америкаликлар [Саша Барон] Коэн уларни тасвирлагандек тор фикрлайдими?” Шунинг учун ундан хафа бўлиш фикри ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам хаёлимга келгани йўқ. Премьерани интиқлик билан кутяпман», - дейди у.

Айжан «Борат» фильми намойишини бекор қилишга чорловчи ариза бошқа долзарб масалалар бўйича аризалардан кўпроқ имзо тўплаганидан «хафа» эканлигини қўшимча қилди.

Фильм намойишини бекор қилиш талаб қилинган аризаларнинг бири 107 мингдан ошиқ имзо тўплади.

Мавзуга алоқадор "Борат" Қозоғистонга саёҳат қилувчиларни кўпайтирди

Чет элда яшовчи кўплаб қозоғистонликлар ирқчиликка дучор бўлишмоқда ва фильм уйдирма эканлигини тушунтиришга мажбур бўлмоқдалар. Ижтимоий тармоқларда #CancelBorat (Боратни бекор қилинг), #WhereBoratLives (Борат яшайдиган жой), #StopBorat (Боратни тўхтатинг) каби кўплаб хэштеглар пайдо бўлди.

Айрим қозоғистонликлар ижтимоий тармоқларда #WhereBoratLives хэштегини йўлга қўйиш орқали «ҳақиқий Қозоғистонни» кўрсатишга қарор қилдилар. Улар мазкур хэштег ёрдамида Борат яшаши иддао қилинган мамлакатнинг табиати ва бошқа диққатга сазовор жойларини намойиш этишмоқда. Ушбу хэштегни кўплаб сайёҳлик ва чанғи компаниялари ҳамда Қозоғистон юлдузлари қўллаб-қувватладилар.

Озодлик актёр Саша Барон Коэн ва Amazon Prime видео платформаси вакилларига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Фильмнинг трейлерида Қозоғистоннинг давлат рамзлари ва қозоқ тилидаги баъзи ёзувлардан фойдаланилган.

Трейлер чиқарилишидан олдин фильмнинг PR жамоаси Қозоғистон ҳукуматининг сохта аккаунтини яратди. Аккаунт АҚШ президенти Трампни мақтаб, уни Қозоғистоннинг бош вазири деб атади. Қизиқчи Саша Барон Коэн ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида ушбу аккаунтга линкни улашди. (Бу орада аккаунт ўчирилди – таҳр.)

Қозоғистон расмийлари бу сафар фильмга анча сипо муносабат билдиришди. Бош вазирнинг матбуот хизмати фақат бир марта «сохта» саҳифаларнинг «Қозоғистон Республикаси ҳукумати фаолияти тўғрисидаги расмий маълумотларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтди.

Спорт ва маданият вазирлиги Liter.kz таҳририятининг саволига жавобан «фильмни намойиш қилишни тақиқлай олмаслигини» билдирди.

«Агар фильм фақат Интернетда намойиш этилса, унда биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Вазирлик буни назорат қилмайди. Биз фақат кинотеатрларда фильм намойишини тақиқлашимиз мумкин», дейилади вазирлик матбуот хизмати билдирувида.

АҚШнинг Eurasianet портали фильм ижодкорлари премьера олдидан «Қозоғистоннинг ғазабни келтиришга умид қилишганини», аммо «[Қозоғистон ҳукумати] тегишли хулосаларни чиқарган бўлиши мумкинлигини» тахмин қилди.

Биринчи фильм чиққанидан кейин Қозоғистон ҳукумати кескин жавоб қайтарган эди. Ўшанда фильмни Қозоғистон кинотеатрларида намойиш этишга норасмий тақиқ қўйилган эди.

Социолог Камила Ковязина Қозоғистон жамияти мамлакатда кўплаб «ҳал этилмаган жиддий муаммолар» мавжуд деб ўйлайдиганларга ва «ҳақиқатнинг кўзига тик қараш керак» деб ҳисоблайдиганларга бўлинган, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, Ковязина ғарбда «маданий апроприация» ҳаракати кучайиб бормоқда ва «Борат» фильмида ушбу ҳолатнинг элементлари бор, деб ҳисоблайди.

«[Маданий апроприация] бу – бир ижтимоий гуруҳга – кўпинча этник гуруҳга – мансуб одам бошқа эзилган гуруҳ маданияти элементларини ўзлаштиришидир. Бу ҳолатда Саша Барон Коэн Буюк Британия фуқароси, оқ танли одам ўлароқ Қозоғистоннинг рамзлари ва номидан фойдаланмоқда ва бошқа мамлакатнинг бутун аҳолиси ҳақида салбий тасаввур яратмоқда. Бу эса бизга нисбатан турли жойларда муносабатга у ёки бу йўл билан таъсир қилади. Тасаввур қилинг, ҳозир ҳиндлар ёки африкаликлар ҳақида худди шундай комедия суратга олинганида [нима бўларди]. Black lives matter [ҳаракати]дан («Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим») кейин бундай қилиш ижодий суицид бўларди, деб ўйлайман», - деди социолог.

Назарбоев университети профессори, тарих, фалсафа ва диншунослик кафедраси ўқитувчиси доктор Клер Гриффин Ковязина фикрига қўшилди.

«Агар фильм маълум бир мамлакат одамлари томонидан суратга олинадиган бўлса, унда ҳақиқий мамлакатларнинг бундай «кулгили» тасвири муҳим санъат тури бўлиши мумкин. Аммо бундай фильмларни ушбу мамлакатдаги воқеликни умуман билмайдиган ёки яхши тасаввур қила олмайдиган аутсайдерлар (бегоналар – таҳр.) суратга олганда, улар стереотипларга таянадилар ва мамлакатдаги ҳақиқатни бузиб кўрсатадилар. “Борат” фильмида муаммо бор-йўқлигини текшириш учун мана бу саволни бериб кўриш мумкин: “Агар [Саша] Барон Коэн ўзини қозоқ эмас, қора танли африкалик сифатида кўрсатганида, бирор киши фильмни яхши деб топган бўлармиди?” Яхши дейишларига ишончим комил эмас», - дейди Гриффин.

«Борат» фильми шу кунгача қадар нафақат қозоғистонликлар орасида, балки хорижда ҳам турли реакцияларни келтириб чиқаради. Айримлар инглиз қизиқчисига таҳдид қилган бўлса, бошқалар «ҳеч бир тажовузсиз» унга «ҳақиқий Қозоғистонни» кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ, социолог Камила Ковязинанинг сўзларига кўра, «қозоғистонликларнинг ғазаби мамлакатдан ташқарига чиқмайди ва катта салбий тўлқин келтириб чиқармайди».