“Жорий йилги пахта мавсуми учун ҳеч қандай тадбиркордан пул талаб қилинмаган, аксинча юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсатга жавобан вилоятда ишбилармонлик муҳитини кучайтириш ҳамда тадбиркорларнинг бизнесини ривожлантиришда ўз амалий ёрдамини бериб келмоқда”.
Наманган вилоят солиқ бошқармаси Озодлик радиосида 15 октябрь куни ““Пахта солиғи”: Тадбиркорлардан 6 миллион сўмгача пул йиғилмоқда” сарлавҳали мақолага мана шундай жавоб қайтарди.
Солиқ бошқармаси раддиясида вилоятда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши ортидан сўнгги 9 ой ичида бизнес субъектлари сони уч мингга кўпайган. “Хулоса қилиб айтганда бугун солиқ идоралари ходимлари тадбиркорларга кўмакчи сифатида ўз вазифаларини олиб боришмоқда”,-дейилади раддияда.
Озодлик радиосида 15 октябрь куни эълон қилинган мақолада наманганлик тадбиркорлар пахта терими учун 5-6 миллион сўмдан пул йиғилаётганидан шикоят қилишганди.
Тадбиркорларнинг айтишларича, пахта учун пул йиғиш жараёни ИИБ ва солиқ ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбуран жалб қилиш ҳолатлари давом этаётгани кузатилади.
Давлат меҳнат инспекцияси Озодлик радиосига пахта мавсумида мажбурий меҳнат давом этаётганини тасдиқлади.