2021 йил 1 апрелдан давлат амалдорларининг ўзбек тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.
Бу борадаги меъёр президент 20 октябрда имзолаган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгилаб қўйилди.
Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Концепциянинг асосий йўналишларига асосан 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилгача мактабларда ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш режалаштирилган.
ОТМда ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилгача 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказилади. Бундан ташқари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «Ўзбекистон миллий қомуси» жилдларини нашр этиш босқичма-босқич кўпайтирилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади. Шунингдек, 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш назарда тутилган.
Президент: Ўзбек тили деярли 50 миллион киши сўзлашадиган йирик тилга айланмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.
Президент матбуот хизматида эълон қилинган табрик матнида айтилишича, “ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради”.
Президентнинг билдиришича, бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда.
“Куни кеча Афғонистон Ислом Республикасида Ўзбек тили кунига бағишланган байрам тадбирлари биринчи марта давлат миқёсида нишонланганини мамлакатимиз жамоатчилиги, бутун ўзбек халқи катта мамнуният ва хурсандчилик билан олқишлади”, - дейилади президент табригида.
Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 10 апрель куни «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди.
Қонунга асосан, ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланади.