Туркманистон энергетика тизимига қарашли 500 кВли “Сердар-Мари ГРЭС” деб номланувчи юқори кучланишли электр тармоғи 21 октябрь куни тонгги соат 06:52 да фавқулодда ўчган.
“Ўзбекистон миллий элекр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу ҳаво тармоғи орқали Ўзбекистонга 750 МВтгача электр энергияси импорт қилинаётган эди.
Ҳаво тармоғида содир бўлган носозлик туфайли аварияга қарши автоматиканинг ишлаши оқибатида Ўзбекистон энергетика тизимидаги истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилган.
“Тонгги соат 7:00 дан бошлаб электр станциялардаги мавжуд резерв қувватларни ошириш орқали тармоқдан узилган истеъмолчиларга кучланиш бериш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилади “Ўзбекистон МЭТ” хабарномасида.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда Туркманистон энергетика тизими мутахассислари ҳаво тармоғини қайта ишга қўйиш учун созлаш ишларини олиб боришмоқда.