Жорий йилнинг октябрь ойи охири ва ноябрь ойи бошларида Волжский-Тошкент йўналиши бўйлаб қатнайдиган 9 та махсус йўловчи поезди Россиянинг Волгоград вилоятидан Ўзбекистонга йўл олади. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги “Волгабўйи темир йўли” матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Поездлар Волжский станциясидан 22, 23, 25, 26, 28, 29 ва 31 октябрь ҳамда 1 ва 2 ноябрь кунлари маҳаллий вақт билан соат 21:57 да жўнайди. 20 та вагондан иборат поездлар 938 нафар йўловчини ташишга мўлжаллангани ва Россия ҳудудида ҳеч қаерда тўхтамай кетиши айтилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур поездларга чипталарни йўловчилар Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиб, исталган темирйўл кассасидан сотиб олишлари мумкин.
Аввалроқ Россия транспорт вазирлиги ва “Россия темир йўллари” ширкати ўзбекистонликларни Россиядан олиб чиқиб кетиш учун 25, 29 сентябрь ва 1, 5, 8, 11, 12, 15, 18 октябрь кунлари Волжский-Тошкент йўналиши бўйлаб ўнта махсус поезд рейси ташкил қилгани, бу поездларда умумий ҳисобда Ўзбекистонга 11 мингдан зиёд муҳожир қайтгани хабар қилинганди.
Бундан ташқари, сентябрь ойи бошидан бошлаб Ростов вилоятидан махсус поездларда Россиянинг турли жойларидан келган 8 мингдан зиёд ўзбекистонлик муҳожир юртига йўлланган.