Хитой вакцинасини Ўзбекистонда клиник синовдан ўтказиш режалаштирилди

Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгиллиларда ўтказилиши кутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг 22 октябрда маълум қилишича, музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланди.


Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.


Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгиллиларда ўтказилиши кутилмоқда. Синов бошланишидан олдин Хитой Халқ Республикаси вакиллари томонидан эмлаш шартларини тушунтиришга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказилади.


29 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг иккита компанияси билан коронавирусга қарши вакциналар синовининг сўнгги босқичларини ўтказиш бўйича битимлар имзолагани хабар қилинган эди.


25 сентябрь куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон Россия ширкатларига ҳам Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишни таклиф қилгани ва бу масалада Россия томонининг жавоби кутилаётганини билдирган.


25 сентябрь куни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини жўнатиш тўғрисида Laxisam фармацевтика ширкати билан шартнома имзолангани тўғрисида билдирган эди.


Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мувофиқлаштириш ва назорат органлари рухсати олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина жўнатилади.