ОТБ Ўзбекистондан Афғонистонга электр узатиш линияси қурилиши учун 110 млн доллар ажратди

Осиё тараққиёт банки ва Афғонистон расмийлари шу йилнинг 20 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон делегацияси иштирокида 110 млн доллар ажратишни назарда тутувчи "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ОТБ ажратган маблағнинг асосий қисми ташкилотнинг ўзбек пудратчилари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ишларига йўналтирилади.

Яқин келажакда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "ДА Афғонистон Брешна Ширкат" ўртасида ушбу электр узатиш линиясини қуриш бўйича тегишли шартнома имзоланади”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Маълумотларга кўра, сешанба куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси вазирлик ва идоралари раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтган.

Учрашувда Ўзбекистон томонини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти тамсил этган.