Марказий банк асосий фоиз ставкасини 14 фоиз даражасида қолдирди

Ўзбекистон Марказий банки биноси.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил 22 октябрида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ушбу қарор реал фоиз ставкалар ижобийлигини сақлаб қолиш, юзага келган вақтинчалик инфляцион хатарлар фонида иқтисодий фаолликни янада рағбатлантириш учун қулай шароитлар яратилиши ва ўрта муддатли даврда инфляция динамикаси янада секинлашиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, Марказий банк инфляциянинг йил якуни бўйича прогнозини йиллик 11-12,5 фоиз даражасида сақлаб қолган ва Ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўради.

“Асосий ставка бўйича келгусидаги қарорлар инфляциянинг жорий ва прогноз динамикасининг шаклланиши, шунингдек ички ва ташқи хатарларни баҳолаш асосида қабул қилинади”, дейилган МБ хабарномасида.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги мажлиси жорий йилнинг 10 декабрига белгиланган.