Президентнинг бош тансоқчиси Хавфсизлик кенгаши раисига ўринбосар бўлди

Президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов. Фотосурат "Газета уз"дан олинди. Фотосурат муаллифи Шуҳрат Латипов.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бош тансоқчиси -президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» ҳукуматдаги манбага таяниб хабар берди.

Баҳодир Тошматов жорий йил мартида президент Давлат хавфсизлик хизматини бошқариб келаётган эди. У 2017−2020 йилларда Миллий гвардия қўмондони бўлиб ишлаган.


1964 йилда туғилган Баҳодир Тошматов 2008−2011 йилларда мудофаа вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари, 2011−2013 йилларда — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган.

2013 йилнинг сентябрида президент Ислом Каримов Мудофаа вазири муовини лавозимида ишлаб келган Виктор Маҳмудовни Миллий хавфсизлик кенгашига котиб этиб тайинлаган.

Миллий хавфсизлик кенгашининг котиби Баҳодир Тошматов эса Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У 2017 йилгача мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.