Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаров президент сайловида номзод ўлароқ иштирок этмоқчи. Бу ҳақда у Норин вилояти аҳолиси билан учрашув чоғида билдирган.
Унинг чиқиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқатилган.
“10 январь куни президент сайлови бўлиб ўтади. Мен декабрь ойи бошида ўз ваколатларимни топшириб, сайловда иштирок этаман. Сайловда оддий фуқаро сифатида қатнашаман, агар ўтсам, президент бўламан, мабодо ўтолмасам, оддий фуқаролигимча қоламан”, деган С. Жапаров.
Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайловидан Қирғизистонда кейин норозилик намойишлари бошланиб кетган. Сайлов натижаларидан норози бўлганлар 5 октябрь куни Бишкек марказий майдонига митингга йиғилган. Ўша оқшом намойишчиларнинг куч ишлатар идоралар ходимлари билан тўқнашуви бўлиб ўтган, пировардида норозилар президент ва парламент фаолият олиб борадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган.
Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайлов натижалари бекор қилган, 6 октябрга ўтар кечаси қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров эса бош вазир этиб тайинланган. Бу орада амалдаги парламент спикери истеъфога кетган. 15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога кетган, унинг ваколатлари эса ҳукумат раҳбарига ўтган.
Аввалроқ Садир Жапаров “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида президент вазифасини бажарувчи шахс сайловда иштирок этолмаслигини, бироқ парламент қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритгудек бўлса, президент сайловида иштирок этишга тайёр эканини билдирган.
Шу йил 24 октябрида Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси президент сайлови санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган. МСК раҳбари Нуржан Шайлдабекова изоҳига кўра, собиқ президент 15 октябрдан истеъфога кетганини, 16 октябрь куни эса парламент унинг муддатидан аввал ваколатини топширишига оид баёнотини эшитганини эътиборга олган ҳолда, “парламент 23 октябргача муддатидан аввалги давлат раҳбари сайловини белгилаши лозим эди”. Муддатидан аввалги президент сайлови 2021 йилнинг 16 январигача ўтказилиши лозим. Шу асосда овоз бериш куни ўлароқ 10 январь куни таклиф этилган, бу таклиф МСКнинг барча аъзолари томонидан маъқулланган.