Андижон вилояти ҳокимлиги фермерларни ҳақорат қилган Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитовага огоҳлантириш берган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ҳокимлик ижтимоий тармоқларда тарқалган ва Бўстон тумани раҳбарига оидлиги айтилган аудиоёзувни ўрганиб чиққан, унинг ҳақиқатан ҳам С. Мамитовага тегишли экани аниқланган.
Мазкур аудиоёзувда Бўстон тумани ҳокимаси фермерлардан соя топширишни талаб қилиб, уларни “мараз, ифлос” деб сўкканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу борада маҳаллий журналистларга изоҳ берган С. Мамитова бу ҳолатни коронавирусга чалиниб, икки ҳафта касалхонада даволангани, касалликдан кейин стрессга тушгани билан изоҳлашга уринган ва қилган ишидан афсусда эканини билдирган.
Бўстон туманида соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозига сабаб бўлганини урғулаган Андижон вилояти ҳокимлиги айни пайтда тарқалган аудиоёзув учун С. Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан “огоҳлантириш” берилганлигини маълум қилган.