22 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида жойлашган Зармитан олтин конидан ноқонуний равишда портлатувчи моддани олиб чиқиб сотишга уринган икки киши қўлга олинди.
Бу Зармитанда олтинли маъданларни қазиб олишда ишлатиладиган модда билан қўлга тушган илк гуруҳ.
Шу пайтгача кон ичидаги тайëр қазилган маъданларни ўмариб сотиш ҳолатлари кузатилганди.
Бу ҳақда Озодликка айни конда ишловчи икки ишчи ва Хатирчи тумани прокуратураси ходими билдирди.
Прокуратура ходимига кўра¸ Зармитан конидаги маъдан ўғрилари билан Хатирчи туманидаги таркибида олтин бўлган маъданларни майдалайдиган яширин тегирмон эгалари ўртасидаги "жиноий алоқалар ўрганилмоқда".
Озодликда ноқонуний маъдан қазиш ва портлатувчи моддани сақлаш айби билан гумонланиб қўлга олинган қўшработлик икки кишининг шахсига оид маълумотлар мавжуд.
Қўлга олинганлардан бири Зармитан олтин кони бошлиғига қариндош экани ҳам ўртага чиққан.
Аммо уларнинг қариндошлик даражаси ҳақидаги аниқ расмий тасдиқ Озодликда ҳозирча йўқ.
Прокуратура вакилига кўра¸ ҳали жиноят иши очилмаган ва терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга алоқадор Қўшработда йўлга ташлаб кетилган жасад Зармитон олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилмоқдаЗармитан кони ишчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда "ноқонуний олтин изловчилар доимо раҳбарият билан келишган ҳолда иш олиб боради", деган иддаони илгари сурди.
«Портлатувчи модда билан биринчи марта қўлга тушишди. Шу пайтгача маъдан ўғрилари қўлга тушарди. Режим (хавфсизлик тизими- таҳр.) билан келишгаан ҳолда икки киши шахтага тушган. Шахтадаги маъданни қазиб олишда ишлатиладиган взрывчаткани тепага олиб чиқиб сотаëтганда қўлга тушишди. Менимча, улар устидан жиноят иши очилмади. Ишдан бўшатиш жазоси қўлланилди», - дейди номи ошкор этилишини истамаган ишчи.
Озодлик суҳбатлашган яна бир зармитанлик кон ишчиси эса, портлатувчи модда сотмоқчи бўлганларни қўриқлаш тизими ходимлари қўлга олганини айтди.
«Зармитан олтин конида 22 октябрь куни проходчик булиб ишловчи А. ҳамда портлатувчи Н. 4 дона портлатувчи моддани яширин тарзда ноқонуний тош билан шуғуллланувчиларга сотиш мақсадида олиб чиқаётганда, қўриқлаш ходимлари тамонидан ушланганини ўз кўзим билан кўрдим. Воқеа юзасидан текширув ишлари ҳали бошлангани йўқ, текширув ишлари бошланса, яна кимлар шерик эканлигини аниқлаш мумкин бўларди», - дейди ҳодиса тафсилотларидан хабардор эканини айтган Зармитан кони ишчиси.
Озодлик ҳодиса юзасидан Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Зармитан олтин кони маъмурияти билан боғланди.
Маъмурият ходими ўткан ҳафтада икки кишига «ишдан бўшатиш интизомий чораси» кўрилганини тасдиқлади.
Аммо ходим ишдан бўшатиш сабаблари "хизмат сири" бўлганлиги важидан тафсилотларни очиқламади.
Озодликда портлатувчи моддаларни сотишга уринганларни ушлаш асносида кон қўриқчиларининг раҳбарият билан ëзишмалари нусҳаси бор.
Кон ишчиларидан бирининг айтишича¸ «Зармитанда бекитиқча маъдан ўғирлаш тизимли характерга эга».
«Зармитан конида таркибида қимматбаҳо металл бор маъданлар қазиб чиқарилиб, майдаланиб, Зарафшонга юборилади. Аммо бу маъданларни Хатирчи туманидаги яширин тегирмонларда майдалаш учун ўғрилаб сотиш тизими шаклланган. Хатирчи туманида бу тошлар майдаланади, махсус ванналарда элаклар билан ювилиб, ичидаги олтин кукуни ажратиб олинади. Ажратиб олинган олтин кукуни эса, Тошкентга олиб кетилади».
Олтин васвасаси
Суҳбатдошга кўра¸ Зармитан кони атрофидаги Қўшработ ва Хатирчи туманларини қамраб олган «олтин васвасаси» боис жиноий муҳит юзага келган.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Зармитанда ғайриқонуний тош қазиётган йигит тоғ жисмлари босиб қолгани ортидан вафот этгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Бу Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Зармитан олтин конида сўнгги бир ой ичида рўй берган иккинчи ўлим ҳодисасидир.
Сентябрь ойи бошида ноқонуний тош қазиб олиш учун шахтага тушган А.Қ. исмли ишчи катта кучланишдаги ер ости кабелидан ток уриши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган эди.
Ошкора ўғрилик
Зармитан олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинади.
Кон махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади.
Озодлик билан суҳбатда бўлган кончиларнинг айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисобланса-да, маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазий олади.
Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган самарқандликлардан бири ўғриликлар "қўриқчиларнинг кўз ўнгида" содир бўлишини айтди.
"Комбинатни қўриқлаш хизмати бор. Қўриқлаш хизматининг бошлиғи бўлади. Битта пулдор бешта-ўнта болани ёллайди. Бояги бошлиқ билан келишиб, пастга тушириб юборади. Ҳаммаси уюшган. Қўриқчиларнинг кўз ўнгида бўлади. Бояги ўлган бола ҳам қайсидир бошлиқнинг ишини бажарган. Уларга бир қоп тош олиб чиқса 100 минг, 150 минг сўм беради. Тушиб чиқишини, конга ўтишини хўжайин кўтаради. Бунақа пулдорлар туманда жуда кўп. Уларнинг ИИБда орқаси бор. Лекин уларнинг ишини қилаётган йигитлар тош остида қолиб ўлиб кетяпти", - дейди суҳбатдош.
Навоий кон-металлургия комбинати ишчилари Зармитан ва Қорақўтанда олтин рудаси ўғрилари сўнгги йилларда авж олгани, унга қарши чора кўрилмаётганини айтиб келишади.
Комбинат ишчиларидан бири шу йил май ойида ўзи гувоҳ бўлган "олтин рудаси ўғирлиги ҳолати"ни қўл телефони ёрдамида видеога тушириб, Озодликка жўнатганди.
Озодлик сўнгги иддаолар юзасидан Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятидан ҳам изоҳ олишга уринди.
Аммо комбинат матбуот котиби Абдумажид Жўраев Озодлик саволига жавоб беришдан бош тортди.