Бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори. Бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёд. Бу ҳақда 26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда электр таъминоти бўйича модернизация ишларини давом эттириш, лекин буни олдингидек давлат кафолати ҳисобига эмас, балки хусусий капитални жалб қилиш орқали амалга ошириш зарурлиги қайд этилган.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш тизимига ўтиш кераклиги таъкидланган.
Қайд этилишича, бу халқаро кредит рейтинги олиш, келгусида еврооблигациялар чиқаришда муҳим омил бўлади. Мутасаддиларга шу мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур 4 та компаниянинг уч йиллик молиявий модели ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Трансформация жараёнларига кўмаклашиш учун корхоналар бошқарувига ва кузатув кенгашларига чет эллик мутахассислар жалб қилиниши бўйича кўрсатмалар берилган.
“Ҳозирда электр энергияси улгуржи бозори қоидалари белгиланмагани сабабли инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда. Бундай ёндашув келгусида рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Шу боис электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарномасида.
Йиғилишда соҳага илғор технологияларни кенг жорий этиш, “рақамли трансформация”ни амалга ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Ўзбекистонда қиш мавсуми яқинлашиши билан электр таъминотида муаммолар кўпайгани кузатилади. Бу каби муаммолар бўйича Озодлик таҳририятига ҳар йили қишлоқ жойлардан айниқса кўп шикоят тушади.