“Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” ходимлари ёппасига ишдан бўшатилмоқда

“Хоразм шакар” заводи.

Ўзбекистондаги икки йирик шакар ишлаб чиқарувчи - “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводлари шу кунда ўз ходимларини ёппасига ишдан бўшата бошлаган. Бу ҳақда ЎзА "Ангрен шакар" МЧЖ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳозиргача 130 нафардан зиёд ходим ишдан бўшатилган. Маълумотларга кўра, йил охиригача икки завод деярли барча ишчисини ишдан бўшатишни мўлжаллаган. Бунинг натижасида 2 мингдан зиёд ходим ишсиз ва даромадсиз қолиши мумкин.

Бразилиядан импорт қилинадиган шакарқамишга қарам бўлган бу иккала корхона шу йил 4 июлидан бошлаб “хомашë таъминотидаги узилиш" важидан ишлаб чиқаришни тўхтатган эди.

Шакар заводи ишчилари Ўзбекистон президентининг 3 апрелдаги фармони билан тайëр шакар импортининг йил охиригача барча бож ва солиқлардан озод этилгани, импорт хомашëга эса бундай имтиëз берилмагани ўзларини касод қилганини айтиб келмоқда.

Мавзуга алоқадор Шакар заводлари омборидаги захира тугаши арафасида нарх яна кескин кўтарила бошлади

Шакар бозоридаги вазиятдан яхши хабардор мулозим эса Озодлик билан суҳбатда бу ҳужжат ортида янги шакар монополистлари ва уларнинг лоббичилари турганини иддао қилганди.