Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Франция президенти Эммануэл Макрон Муҳаммад пайғамбар карикатуралари ёйинланишини дастаклаш билан ўзи ҳам террорчига ўхшаб қоляпти ва “зимдан мусулмонларни террор хуружлари содир этишга чақирмоқда”, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қодиров ўз Телеграм-каналида билдирган.
“Макрон Пайғамбар карикатураси диндорлар томонидан оғриқли қабул қилинишини билмаслиги мумкин эмас. Ақли жойида бўлган ҳар қандай раҳбар каби оловни ўчириш ўрнига у ўз хатти-ҳаракати билан уни баттар алангалатмоқда. Бунақа реакция оқибатлари жуда фожиали бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилган Қодиров.
Чеченистон раҳбари Франция президентини “кеч бўлиб қолмай туриб” провокациялар ва динга ҳужумни бас қилишга чақирган. Бундан ташқари, унинг фикрича, айнан дин устидан кулиш ва пародиялар Париж яқинида истиқомат қилган ўқитувчи билан боғлиқ фожиага сабаб бўлган.
Қодиров мақтул ўқитувчи Самюэл Патини эслаш акциясида Франциядаги ҳукумат биноларида Муҳаммад пайғамбар карикатуралари намойиш қилинганини ана шундай изоҳлаган.
23 октябрь куни бош танасидан жудо этилган ўқитувчи хотирасига бағишлаган мотам маросимида Макрон “ислом инқироз ҳолатида”, дея билдириб, Франция республикасининг дунёвий қадриятларини радикал исломдан ҳимоя қилишга чақирганди. У ҳалок бўлган ўқитувчини “болаларга сўз эркинлигини, динга ишониш ёки ишонмаслик эркинлигини ўргатган сокин қаҳрамон” деб атаган, ўқитувчига ҳужумни эса “исломий теракт” дея баҳолаган. Макрон Франция ўзининг “карикатура ҳуқуқи”дан чекинмаслиги ва воз кечмаслигини ҳам билдирган.
Макроннинг ислом ҳақидаги баёнотлари Яқин Шарқнинг қатор давлатларида норозиликларга сабаб бўлган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Макронга “психиатрда даволаниш”ни маслаҳат берган.
Сешанбага ўтар кечаси Франциядаги ўнлаб сайт хакерлар ҳужумига учраган. Сайтларда ислом ва Муҳаммад пайғамбар ғалабаси ҳамда Франция ҳалокатига чорлаган шиорлар, мамлакат президенти Эммануэль Макроннинг чўчқа шаклидаги тасвири пайдо бўлган.
47 ёшли Самюэль Пати 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сен-Онорин шаҳарчасида ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.
Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланган. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди. У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, ўқитувчи пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди. Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.