Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука ис газидан заҳарланиб ўлди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ака-укалар коллеж талабаси бўлишган.
"Бахтсиз ҳодисага уйнинг ётоқхонасига ўрнатилган газ печидан сизиб чиққан ис гази сабаб бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши билан аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилади. Бу каби ҳодисаларнинг келиб чиқишига асосан иситиш печлари ва буғ қозонлари дудбўронларининг носозлиги сабаб бўлмоқда.
Шу йилнинг 22 октябр куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани Остона қишлоғида иситиш қозони дудбўрони ичига ёз пайтида қушлар ин қуриши унинг носозлигига олиб келган. Натижада табиий газни чала ёниши кузатилиб, 4 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмганди.
28 октябр куни ҳам Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонларидан бирига ўрнатилган буғ қозонининг дудбўрони қозондан ажралиб қолганлиги сабабли, хонадон ичида ис гази тўпланишига олиб келган. Натижада хонадон соҳиби ва 2 нафар оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этишган.
Ўзбекистон ФВВ фуқаролардан куз-қиш мавсумида иситиш печлари ва қозонларидан фойдаланишдан аввал дудбўронларнинг созлигига алоҳида текширишни тавсия этади.