Хўжалик юритувчи субъектлар 1 ноябрдан бошлаб газ таъминотидан узилади ва уларга муқобил ёқилғи турларидан фойдаланиш тавсия қилинади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, қишда уйлар, хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида мана шундай қарор қабул қилинган.
1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, умумий овқатланиш корхоналари, ғишт, оҳак, гипс ишлаб чиқарувчилар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган йирик саноат корхоналари табиий газ етказиб бериш 1 ноябрдан тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Энергетика вазирлиги тадбиркорларга сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналарининг муқобил ёқилғи турларига (суюлтирилган газ, кўмир ва бошқалар) босқичма-босқич ўтиш дастури амалга оширилаётганини эслатиб ўтган.
“Хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги шартномаларида куз-қиш даврида газ етказиб беришга чекловлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, шунинг учун ҳам улар муқобил ёнилғи манбаларига эга бўлишлари керак”,-дейилади хабарда.