Бир ойда тухум деярли 18 фоизга, ёғ 13,6 фоизга қимматлади

Октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ошган.

Жорий йилнинг йилнинг январидан октябригача ўтган 10 ой мобайнида истеъмол товарлари нархи 10 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 6,9 фоизга, хизматлар 5,2 фоизга қимматлашган. Умуман олинганда, истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 7,8 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси навбатдаги ҳисоботида маълум қилди.

Статистиканинг қайд этишича, шакар ва гўшт нархи йил бошидан бери 15 фоизга ошган. Хусусан, суяксиз мол гўшти баҳоси 10 ой ичида 18,2 фоизга кўтарилган.

Октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ошган. Жумладан, октябрь ойида гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархи сентябрга нисбатан 0,7 фоизга, тухум 17,7 фоизга, шакар 8,6 фоизга, мева-сабзавотлар эса 3,2 фоизга қимматлашган.

Октябрь ойида тухумдан ташқари нархи энг кўп кўтарилган маҳсулот ёғ бўлиб қолмоқда. Октябрда сентябрга нисбатан олинганида, пахта ёғи 13,6 фоизга, кунгабоқар ёғи 11,2 фоизга қимматлади.

Йил бошидан буён пахта ёғи 24,2 фоизга, кунгабоқар ёғи 23,9 фоизга, сариёғ 11,1 фоизга, маргарин 9,7 фоизга қимматлади.