Тоғли Қорабоғда ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда. Айирмачи ҳудуднинг де факто расмийлари Озарбайжон қўшинлари амалга оширган ракета ҳужуми туфайли камида уч нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлганини билдирдилар.
Уларнинг сўзларига кўра, Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғ пойтахти Хонканди (Степанакерт) шаҳрини ҳамда ундан 10 км масофада жойлашган Шуша шаҳрини нишонга олган.
Тоғли Қорабоғ халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олинади. Бироқ 1994 йилдан бери мазкур ҳудуд Арманистон дастаклаб келаётган айирмачи этник арманлар томонидан бошқарилади.
Озодлик радиоси арман хизматининг Хонкандидаги мухбири шаҳарда учта тинч фуқаро ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Озарбайжон ҳам этник арман кучлари аҳоли пунктларини ўққа тутгани ҳақида билдирди.
Мамлакат Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 6 ноябрь куни эрталаб арман ҳарбийлар Тартар шаҳри ва унинг яқинидаги қишлоқлар ўққа тутган.
Тоғли Қорабоғда 27 сентябрда бошланган жанглар оқибатида шу кунгача 1000 дан ошиқ одам нобуд бўлгани айтилмоқда.