Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўз мамлакати қўшинлари Тоғли Қорабоғдаги иккинчи энг йирик шаҳар – Шуша шаҳрини қўлга киритганини эълон қилди. Арманистон расмийлари эса шаҳарда жанглар давом этаётганини таъкидлади.
8 ноябрь куни Бокуда Озарбайжон армияси ғалабасини нишонлаш учун кўплаб одам кўчага чиқди.
Шу куни Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян Facebookда «Шушида (шаҳарнинг арманча номи - таҳр.) жанглар давом этмоқда; қўшинларимизга ишонинг ва кутинг», деб ёзди.
Шуши шаҳри айирмачи Тоғли Қорабоғнинг пойтахти Степанакерт шаҳрини Арманистоннинг асосий ҳудуди билан боғловчи йўлда жойлашган.
Алиев билдирувидан бир кун олдин Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги вазиятни Франция ва Туркия президентлари билан муҳокама қилган эди.
27 сентябрь куни бошланиб кетган жангларда бугунга қадар камида 1 000 одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Ҳудуд 1994 йилда Озарбайжон ва Арманистон қонли урушни тўхтатишга келишиб олганидан буён энг шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.
Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.