Владимир Путин коронавирусга қарши Россияда ихтиро қилинган “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқаришда Франция президенти Эммануэль Макрондан кўмак сўраган. Бу ҳақда Франциянинг Challenges нашри дипломатик манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр маълумотига кўра, Макрон билан 7 ноябрь куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида Путин мазкур препаратни ишлаб чиқариш учун Россиядаги тузилмалар ва Париждаги Пастер институти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини айтган.
Макрон бу масалани олимлар билан муҳокама қилиб, жавоб айтиш учун Россия президентидан ўзига вақт беришни сўраган. Нашр манбасига кўра, Россия томони COVID-19 га қарши вакцинани ишлаб чиқариш бўйича биргаликда ишлашни бир неча ҳафтадан буён таклиф қилиб келмоқда. “Бу уларнинг асосий нуқтаси – ишлаб чиқариш қувватининг йўқлигини кўрсатади”, деган манба.
Путин билан Макрон ўртасида вакцина масаласи муҳокама қилинган телефон суҳбати ҳақида 7 ноябрь куни Кремль сайти ҳам маълум қилган.
Аввалроқ The Bell нашри, мутасаддиларнинг Россияда йил охиригача аҳоли ёппасига эмланишига оид ваъдаларига қарамай, вакцина ишлаб чиқарувчиларнинг биронтаси бу жараённи таъминлашга тайёр эмаслигини ёзиб чиққан. Асосий муаммо шундаки, вакцинани оммавий равишда ишлаб чиқаришни бошлаш учун уни катта ҳажмда биореакторларда яратиш жараёнини йўлга қўйиш лозим, бироқ бу ишни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келинган.
Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинаси шу йил 11 августида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Ўшанда унинг дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина экани айтилганди.
Россия мазкур вакцинани 0,5 миллилитрли флаконлар шаклида август ойи охиридан ишлаб чиқара бошлаган.
Ёзда Россия бевосита инвестициялар жамғармаси йил охиригача мамлакатда ички истеъмол учун 30 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилишини билдирган. Бироқ октябрь ойи ўрталарига келиб саноат вазири Денис Мантуров Bloomberg нашрига берган интервьюсида бу ваъдани “нонсенс” деб атаган. The Bell нашри манбалари 2020 йил охиригача Россияда “Спутник V” вакцинасидан ҳатто миллион доза ҳам ишлаб чиқариш имкони йўқ, деган фикрдалар.
Аввалроқ Россия бевосита инвестициялар жамғармаси ва LAXISAM фармацевтика ширкати Ўзбекистонга “Спутник V” вакцинасидан 2020 йили 10 миллион дозагача, 2021 йили эса яна 25 миллион дозагача етказиб бериш ҳақида келишувга эришгани ҳақида хабар қилинганди.