Қашқадарёга сафар қилаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фаоллар билан йиғилишда вилоятнинг аввалги ҳокимини танқид қилди.
"Қашқадарё зўр, гази бор деб юраверган эканмиз. Вилоят республика газининг 63 фоизини беради. Аммо одамларда газ йўқ, сув йўқ. Қани адолат?", деди Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, вилоят ҳамма соҳада республикада ортда қолаётганини ҳам таъкидлаган.
Мирзиёевга кўра, охирги 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотдаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушган.
Президент Мирзиёев вилоятнинг ҳозирги раҳбари Зоир Мирзаевни мақтаган.
Икки йил аввал Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга тушириш ҳодисасида танилган Мирзаев ўтган йил Қашқадарёга ҳоким этиб тайинланган эди.
"Зоир Тоирович — синалган кадр. Тажрибаси бор. Қашқадарёни ўзгартириш учун олиб келинган", — деган Шавкат Мирзиёев.
2019 йил октябр ойида Қашқадарё вилоятининг 4 нафар раҳбари — Зафар Рўзиев, Ботир Юсупов, Дилшод Турсунбоев ҳамда Равшанжон Насимов олинган. Зоир Мирзаев дастлаб вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, шу йил бошида эса Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланганди.