АҚШ президент сайловида Жо Байден ғалаба қозонгани маълум бўлганидан бир ҳафта ўтиб пойтахт Вашингтонда амалдаги президент Дональд Трампнинг ўн минглаб тарафдори намойишга чиқди.
Улар президентнинг сайлов натижалари сохталаштирилгани тўғрисидаги даъволарини қўллаб-қувватламоқда.
Намойишчилар Оқ уйдан Олий суд биноси қараб юрдилар.
Тадбир ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда овоза қилинган эди. Унда мамлакатнинг турли бурчагидан келган америкаликлар қатнашди.
Трамп Twitterда намойишни матбуот ёритмаётганини иддао қилди.
Ўз кортежида гольф ўйнашга отланган Трамп машинаси деразасидан намойишчиларга жилмайди.
Куни кеча Трампнинг сайловдаги рақиби Жо Байден Жоржия ва Аризона штатларида ғолиб чиқиб, сайлов коллегияларининг 306 овозини қозонгани маълум бўлган эди.
Президент сайлови 3 ноябрь куни ўтказилган, аммо якуний натижалар почта орқали овоз берилгани ва сайловга рекорд даражада кўп сайловчи келгани туфайли кечикди.
Трамп ҳозирча мағлубиятини тан олмаяпти.
Сайлов ҳайъати президентни расман 14 декабрь куни сайлайди.