Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан савдони 3 баробарга оширишга қаратилган қарорни имзолади.
Қарорда, келаси 3 йил ичида Афғонистон билан йиллик савдо ҳажмини 2 млрд. долларга етказиш, икки давлат ўртасида автомобил, темир йўл ва ҳаво қатновини ошириш кўзланган.
"Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарор 13 ноябрда эълон қилинди.
Ҳужжатда, келаси йил январь ойида Тошкент ҳамда Қобул ва Мозори-Шариф шаҳарлари ўртасида доимий тўғридан тўғри парвозларни бошлаш режаси белгиланган.
Пандемия сабаб шу йил март ойида тўхтатилган авиақатновларни тиклаш масаласида «KamAir» ва «Ariana Afghan Airlines» компаниялари билан музокаралар ўтказилиши режаланган.
Ўзбекистонда Сурхондарё вилояти, Афғонистонда эса Қобул ва Мозори-Шариф шаҳарларида ўзбек маҳсулотлари савдо уйлари ва Ўзбекистон банклари филиалларини очиш, автомобил орқали ва темир йўлда юк ташишни соддалаштириш, тадбиркорлар учун бож тўловларини енгиллатиш вазифалари қўйилган.
Ўзбекистоннинг қўшни республикага "ҳалол" сертификати берилган товуқ гўшти экспорт қилиш режаси ҳам ҳужжатда қайд этилган.
Бунинг учун ноябрь охирига қадар Ўзбекистонда "Ҳалол" стандартини ишлаб чиқиш бўйича, бир неча муқаддам бошланган ишни тезликда якунига етказиш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, мармар ва заргарлик буюмлари, тамаки, гигиеник воситалар, мебель, болалар кийимлари, халқ истеъмол товарлари, ун ва нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва мева-сабзавот экспортини оширишни кўзламоқда.
500 кВт қувватли «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини битказиш режаланган.
Шунингдек, президент қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши ва айни соҳага масъул ходимларнинг Кобулдаги Ўзбекистон элчихонасига дипломатик миссияси таркибига киритилиши айтилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Ш. Мирзиёев Афғонистонда минтақавий аҳамиятга молик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлаганди.
Мавзуга алоқадор Мирзиёев Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди