Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Чуст туманида шифокорлар бемор қабул қилиш ўрнига уйма-уй юришга мажбурланаётганига изоҳ берди.
Бошқарма президент фармон ва кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида оилавий шифокор тиббиёт бригадалари ўзларига бириктирилган ҳудудларда иш олиб бораётганини маълум қилган.
"Оилалар ва фуқаролар кесимида “Тиббий харита” шакллантириш, туман тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда аҳолини хатловдан ўтказиш жараёни кетяпти. Бу вазифага барча патронаж ҳамширалари ҳам жалб қилинган", - Соғлиқни сақлаш бошқармаси баёнотида.
19 ноябр куни Озодлик сўнгги икки ҳафтадан буён поликлиника врачлари уйма-уй юришга мажбурланаётгани ҳақда хабар берганди.
Мавзуга алоқадор COVID-19: Шифокорлар бемор қабул қилиш ўрнига уйма-уй юришга мажбурланаётганидан норозиВрачлардан бири, жумладан, бундай деган:
“Врачларнинг ишга келмасдан уйма-уй юриши аҳолида норозилик уйғотмоқда. Врач қабулига келган беморлар норози. Участка врачи ишга кунора келади. Ишга келмаган куни врач уйма-уй, хонадонма- хонадон касал бўлмаса ҳам киради. Бунақа бўлмағур сиёсатдан поликлиника врачлари обрўси қоладими?! Бу тизимда онгсизликнинг чегараси борми?!” .
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимига оид бошқа масалар қатори қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинган эди.