Шимолий Македония, Черногория ва Украина Беларусга қарши ЕИ санкцияларини дастаклади

Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган етти Европа давлати Беларусда август ойида бўлиб ўтган баҳсли президентлик сайловлари ортидан тинч норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилгани учун мамлакат амалдорларига қарши жорий қилинган санкцияларни қўллаб-қувватлади.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 20 ноябрь куни эълон қилган баёнотга кўра, бу етти давлат орасида Македония, Черногория, Албания, Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Украинани бор. Уларнинг барчаси ЕИга аъзо бўлишга номзод давлатлар ҳисобланади.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишчилар Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини, адолатли ва очиқ сайловлар ўтказилишини ҳамда сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқдалар.

ЕИ, АҚШ ва бошқа давлатлар Лукашенкони легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди ва кўплаб Беларусь амалдорларига қарши санкция жорий қилди.

Сайлов ортидан кўплаб намойишчи ҳибсга олинди ва қийноққа тутилди. Шунингдек, Беларусь мухолифати етакчиларининг аксари ҳибсга олинди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, ўнлаб мухбир, шу қаторда Озодлик радиоси белорус хизмати ходимлари ҳибсга олинди