Ўзбекистон Афғонистонга 10 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича эришилган битим доирасида Сурхон-Пол-Хомри электр узатиш линиясини қуриш ишлари бошланган.
Бу ҳақда афғон расмийлари Тренд нашрига маълум қилган.
Афғон расмийларига кўра, дастлабки икки йил давомида Ўзбекистондан Афғонистонга 4, 25 миллиард кВт / соат электр энергиясини етказиб бериш ва кейинги 8 йил давомида 6 миллиард кВт / соат электр энергиясини етказиб бериш режалаштирилган.
Сурхон-Пол-Хомри электр узатиш линияси 260 километрни ташкил этади, унинг 45 километри Ўзбекистон ҳудудидан, 215 километри Афғонистон ҳудудидан ўтади.
Электр тармоқларини қуриш тўғрисидаги битим 2017 йил декабр ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этади, шундан 118 миллион доллари Афғонистон томонидан, 32 миллион доллари эса Ўзбекистон томонидан йўналтирилади.
Ўзбекистондаги инқироз
Афғонистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича эришилган битим тафсилотлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган ва мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар кўпайган пайтда окшор қилинмоқда.
20 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги таъминотдаги узилишларга совуқ об-ҳаво туфайли электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши сабаб бўлганини айтган.
Вазирликка кўра, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.
Вазирлик, шунингдек, "электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётганлиги"ни айтган.
Ўзбекистон расмийлари ўтган йилларда ҳам шу каби изоҳларни беришган, аммо ҳукумат доиралари ва парламентда энергетика инқирозининг асл сабаблари ҳамда уларни ҳал қилиш юзасидан муҳокамалар йўқ.
Аҳолини газ ва электр билан таъминлаш масаласи Олий Мажлис палаталарининг 20 ноябрь куни ўтган қўшма мажлисида ҳам муҳокама қилинган, аммо Сенат бу масалада Энергетика вазирлиги ва бошқа масъул идораларга сўров йўллаш ҳақидаги қарор билан чекланган.