Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, хусусий бандлик агентликларига хорижга ишга жўнатаётган мижозларидан хизмат ҳақи олишни тақиқлади.
Ташқи миграция масалаларига бағишланган Сенат махсус қўмитаси йиғилишида вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов эндиликда хусусий бандлик агентликлари ишлайдиган янги тартиб ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда вазир ўринбосари "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини маълум қилди.
Ўзгаришларга биноан, хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижга ишга жўнатаётган шахслардан бевосита хизмат ҳақи ундирилмайди, аксинча, агентликларга бу ҳақни хориждаги иш берувчи тўлаб бериши лозим бўлади.
"Масалан, хусусий бандлик агентликлари фуқаролардан хорижда ишга жойлаштиргани учун пул олиш тақиқланди. Улар фақат консултация хизматини кўрсатгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида (тахминан 223 минг сўм – таҳр.) ҳақ олиши мумкин", деб изоҳ берди мулозим Kun.uz нашрига.
Расмийга кўра, хорижга ишга жойлаш бўйича тегишли лицензияни қўлга киритиш учун агентликлар 185 минг АҚШ доллари миқдорида захира пулини кўрсатиши лозим. Муқаддам бу сумма 50 минг АҚШ долларини ташкил қилган.
Бундан ташқари, ҳар бир ўзбекистонлик билан агентлик тузган шартнома вазирликнинг ахборот тизимида ҳисобга қўйилиши айтилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50 тага етгани тўғрисида хабар берган.
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди.
Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.